Воскресенье, 2024-11-24, 5:19 AM
Xush kelibsiz Гость | Ro'yxatdan o'tish | Kirish

O'zbekiston qishloq va suv xo'jaligi jurnali

Sayt menyusi
Kirish yo'li
Bo'lak kategoriyasi
Maqolalarga talablar [0] Янгиликлар [2]
Энг сўнги янгиликлар
Qidir
Statistika

Online xolatda: 1
Mehmonlar: 1
Foydalanuvchilar: 0

Yangiliklar

Главная » Доска объявлений » Янгиликлар

ТИЛ МАДАНИЯТИНИНГ МАШЪАЛИ БЎЛАЙЛИК!
Информация | 2020-12-15, 4:48 PM

ТИЛ МАДАНИЯТИНИНГ МАШЪАЛИ БЎЛАЙЛИК!

  “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниши мустақиллигимиз йўлидаги дастлабки қадам эди. Чунки ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган 1989 йилда ҳали шўролар тузуми ҳукмронлик қиларди. Қонуннинг қабул қилиниши маънавий-маърифий қийматидан ташқари, тилимизнинг қадри, миллатимизнинг қайта тикланишида муҳим роль ўйнади.

   1992 йилда қабул қилинган Бош Қомусимиз нинг 4-моддасида ўзбек тили, мавқеига кўра, давлатимиз мустақиллиги рамзларидан бирига тенглаштирилиб, давлат тили сифатида белгилаб қўйилгани унинг жамиятимиздаги нуфузини ёрқин ва тўлиқ ифодалаб турибди. Сўнгги йилларда бу борада амалга оширилган ишлар тилимиз мавқени яна бир карра юқорига кўтарди.

   Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланиб, мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланмоқда.

    Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида ҳам давлат тилида иш юритиш борасидаги фаолиятни такомиллаштириш бў йича изчил тадбирлар амалга оширилмоқда. Аввало, бошқарув аппарати ходимларининг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритиш бўйича билим ва малакаларини ошириш мақсадида Тошкент давлат аграр университети Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси профессор ўқитувчилари билан биргаликда 20 соатлик ўқув режа ишлаб чиқилди. Мазкур режага асосан видеодарслар тайёрланиб, тизимдаги барча ходимларнинг ташкилий равишда жамоавий ва якка тартибда мустақил ўрганишлари учун кенг имкониятлар яратилди. Ўқув машғулотлари жорий йилнинг ноябрь ойидан бошланди. Вазирлигимиз бошқарув аппарати ходимлари бу борада қуйи бўғиндаги касбдошларига ўрнак бўлиши, ибрат кўрсатиши лозимки, шу масъулият бизни янада фаол бўлишга ундайди, албатта.

   Ёш мутахассисларни бошқарув фаолиятига тайёрлаш мақсадида вазирлигимиз тизимидаги олий таълим муассасалари ўқув режасига ҳажми 90 соатлик “Ўзбек тилининг соҳада қўлланиши” алоҳида фан сифатида киритилди. Бу келгусида ёшларимизнинг янада саводхон ва малакали бўлиб иш бошлашларида муҳим аҳамият касб этади.

   Мамлакатимизда аграр тармоқда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар, жорий қилинаётган илғор хорижий тажриба ва замонавий технологиялар, қишлоқ хўжалиги фани, таълими ва ишлаб чиқариш интеграциялашуви ҳамда глобаллашуви жараёнлари соҳада қўлланиб келинаётган атамалар анъанавий таркибининг ўзгаришига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Ушбу ҳолатни ҳисобга олиб “Қишлоқ хўжалиги атамалари изоҳли луғати”ни яратиш мақсадида вазирлик тизимидаги олим ва мутахассислардан иборат таҳрир ҳайъати, қишлоқ хўжалиги тармоқлари бўйича унинг шўъбалари иш бошлади.

    Аграр соҳа тармоқлари ва унинг қадимдан ривожланиб келган турли касб-ҳунарларига оид ҳамда тараққиётнинг замонавий босқичида пайдо бўлган илмий техникавий терминлар, сўнгги даврда муомалага кириб келаётган халқаро ва хорижий атамаларни жамлаш, уларнинг ўзбек тилидаги луғавий ва маънавий изоҳларини адабий меъёрларга мос равишда тайёрлаш ҳайъат аъзоларининг асосий вазифаси ҳисобланади.

    Шунингдек, ҳайъат томонидан мавжуд адабиётлар, қўлланмалар, луғатлар ҳамда ахборот-ресурс манбаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалигининг ўзбек тилидаги луғавий базасини бойитиш юзасидан таклифлар тайёрлаш каби кенг кўламли иш режалари ҳам белгилаб олинди.

    Умуман олганда, мазкур йўналишда амалга ошириладиган ишларни илмий-амалий жиҳатдан асослаш мақсадида 3 йилга мўлжалланган 13 та амалий лойиҳалар тайёрланди. Масалан, “Ўсимликшуносликка оид ўзбекча-русча-инглизча изоҳли луғат”, “Табиий доривор ўсимликларга оид ўзбекча--русча-инглизча изоҳли луғат”, “Қишлоқ хўжалиги соҳаларига оид атамаларнинг ва уларнинг изоҳи бўйича ўзбек ва рус тилидаги соҳа луғати”, “Чет эллик талабалар учун қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича сўзлашув луғати” каби лойиҳалар шулар жумласидан.

    Бу лойиҳалар барчамиздан катта ғайрат ва масъулият талаб қилади. Эндиги вазифа мана шу олдимизга қўйилган эзгу мақсадларни амалга ошириш учун ҳамжиҳатликда ишлашдир. Зеро, давлат тилини ҳаётимизга, фаолиятимизга кенгроқ жорий қилиш бу йўналишдаги масъуллардан янада фаол бўлмоғини тақозо этади.

   Шу ўринда она тилимизнинг матонатли жонкуярларидан бири, таниқли адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг талабаларга айтган мана бу сўзларини келтириб ўтмоқчиман: “Сизлар институтни битиргандан кейин жойларга бориб ўқувчиларга инглиз, немис, француз, испан тилларини ўргатасизлар. Менинг сизларга айтадиган энг зарур гапим шуки, сизлар борадиган жойларингизга чет тиллар билан бирга, биринчи навбатда, ўз она тилимиз — ўзбек тилига чексиз муҳаббат туйғусини олиб боринглар! Ўзбек тили ғоят бой, ниҳоят чиройли, ҳар қандай фикр ва туйғуни ифодалашга қодир эканини амалда кўрсатинглар; қаерда ва қандай шароитда ишламанглар, тил маданиятимизнинг машъали бўлинглар!” Бу сўзлар замиридаги ҳаётий маъно, эзгу мақсад ва тилак нафақат бугунги ёшларимиз, шунингдек, ҳар биримиз учун ҳаётий дастуриламалдир.

Эшмирза АБДУАЛИМОВ,

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси.

(“Янги Ўзбекистон” газетаси 2020 йил 15 декабрь)

Добавил: ADMIN2 | Контактное лицо: Qiziqarli maqolalar E W
Просмотров: 1722 | Размещено до: 2021-01-15 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: