“Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниши мустақиллигимиз йўлидаги дастлабки қадам эди. Чунки ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган 1989 йилда ҳали шўролар тузуми ҳукмронлик қиларди. Қонуннинг қабул қилиниши маънавий-маърифий қийматидан ташқари, тилимизнинг қадри, миллатимизнинг қайта тикланишида муҳим роль ўйнади.
1992 йилда қабул қилинган Бош Қомусимиз нинг 4-моддасида ўзбек тили, мавқеига кўра, давлатимиз мустақиллиги рамзларидан бирига тенглаштирилиб, давлат тили сифатида белгилаб қўйилгани унинг жамиятимиздаги нуфузини ёрқин ва тўлиқ ифодалаб турибди. Сўнгги йилларда бу борада амалга оширилган ишлар тилимиз мавқени яна бир карра юқорига кўтарди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланиб, мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланмоқда.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида ҳам давлат тилида иш юритиш борасидаги фаолиятни такомиллаштириш бў йича изчил тадбирлар амалга оширилмоқда. Аввало, бошқарув аппарати ходимларининг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритиш бўйича билим ва малакаларини ошириш мақсадида Тошкент давлат аграр университети Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси профессор ўқитувчилари билан биргаликда 20 соатлик ўқув режа ишлаб чиқилди. Мазкур режага асосан видеодарслар тайёрланиб, тизимдаги барча ходимларнинг ташкилий равишда жамоавий ва якка тартибда мустақил ўрганишлари учун кенг имкониятлар яратилди. Ўқув машғулотлари жорий йилнинг ноябрь ойидан бошланди. Вазирлигимиз бошқарув аппарати ходимлари бу борада қуйи бўғиндаги касбдошларига ўрнак бўлиши, ибрат кўрсатиши лозимки, шу масъулият бизни янада фаол бўлишга ундайди, албатта.
Ёш мутахассисларни бошқарув фаолиятига тайёрлаш мақсадида вазирлигимиз тизимидаги олий таълим муассасалари ўқув режасига ҳажми 90 соатлик “Ўзбек тилининг соҳада қўлланиши” алоҳида фан сифатида киритилди. Бу келгусида ёшларимизнинг янада саводхон ва малакали бўлиб иш бошлашларида муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда аграр тармоқда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар, жорий қилинаётган илғор хорижий тажриба ва замонавий технологиялар, қишлоқ хўжалиги фани, таълими ва ишлаб чиқариш интеграциялашуви ҳамда глобаллашуви жараёнлари соҳада қўлланиб келинаётган атамалар анъанавий таркибининг ўзгаришига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Ушбу ҳолатни ҳисобга олиб “Қишлоқ хўжалиги атамалари изоҳли луғати”ни яратиш мақсадида вазирлик тизимидаги олим ва мутахассислардан иборат таҳрир ҳайъати, қишлоқ хўжалиги тармоқлари бўйича унинг шўъбалари иш бошлади.
Аграр соҳа тармоқлари ва унинг қадимдан ривожланиб келган турли касб-ҳунарларига оид ҳамда тараққиётнинг замонавий босқичида пайдо бўлган илмий техникавий терминлар, сўнгги даврда муомалага кириб келаётган халқаро ва хорижий атамаларни жамлаш, уларнинг ўзбек тилидаги луғавий ва маънавий изоҳларини адабий меъёрларга мос равишда тайёрлаш ҳайъат аъзоларининг асосий вазифаси ҳисобланади.
Шунингдек, ҳайъат томонидан мавжуд адабиётлар, қўлланмалар, луғатлар ҳамда ахборот-ресурс манбаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалигининг ўзбек тилидаги луғавий базасини бойитиш юзасидан таклифлар тайёрлаш каби кенг кўламли иш режалари ҳам белгилаб олинди.
Умуман олганда, мазкур йўналишда амалга ошириладиган ишларни илмий-амалий жиҳатдан асослаш мақсадида 3 йилга мўлжалланган 13 та амалий лойиҳалар тайёрланди. Масалан, “Ўсимликшуносликка оид ўзбекча-русча-инглизча изоҳли луғат”, “Табиий доривор ўсимликларга оид ўзбекча--русча-инглизча изоҳли луғат”, “Қишлоқ хўжалиги соҳаларига оид атамаларнинг ва уларнинг изоҳи бўйича ўзбек ва рус тилидаги соҳа луғати”, “Чет эллик талабалар учун қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича сўзлашув луғати” каби лойиҳалар шулар жумласидан.
Бу лойиҳалар барчамиздан катта ғайрат ва масъулият талаб қилади. Эндиги вазифа мана шу олдимизга қўйилган эзгу мақсадларни амалга ошириш учун ҳамжиҳатликда ишлашдир. Зеро, давлат тилини ҳаётимизга, фаолиятимизга кенгроқ жорий қилиш бу йўналишдаги масъуллардан янада фаол бўлмоғини тақозо этади.
Шу ўринда она тилимизнинг матонатли жонкуярларидан бири, таниқли адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг талабаларга айтган мана бу сўзларини келтириб ўтмоқчиман: “Сизлар институтни битиргандан кейин жойларга бориб ўқувчиларга инглиз, немис, француз, испан тилларини ўргатасизлар. Менинг сизларга айтадиган энг зарур гапим шуки, сизлар борадиган жойларингизга чет тиллар билан бирга, биринчи навбатда, ўз она тилимиз — ўзбек тилига чексиз муҳаббат туйғусини олиб боринглар! Ўзбек тили ғоят бой, ниҳоят чиройли, ҳар қандай фикр ва туйғуни ифодалашга қодир эканини амалда кўрсатинглар; қаерда ва қандай шароитда ишламанглар, тил маданиятимизнинг машъали бўлинглар!” Бу сўзлар замиридаги ҳаётий маъно, эзгу мақсад ва тилак нафақат бугунги ёшларимиз, шунингдек, ҳар биримиз учун ҳаётий дастуриламалдир.
Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида миллий истиқлолимиз томон қўйилган муҳим илк қадамлардан бири ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши тўғрисидаги қонун қабул қилиниши бўлди. Шу билан бирга, истиқлолнинг илк кунлариданоқ мамлакатимизда демократик, байналминал тамойилларга риоя қилиниб, юртимизда яшаётган ҳар бир миллат ва элатнинг тил мустақиллиги ва тенглиги таъминланди, миллатлараро бағрикенглик ва ўзаро тотувлик муҳити яратилди.
Халқаро алоқаларимизнинг жадал ривожланиши, ёшларимиз учун дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларида ва уларнинг мамлакатимизда ташкил этилган филиалларида таълим олиш имкониятини туғилгани ҳам фарзандларимиз турли тилларни ўрганишлари учун катта имконият бўлди.
Мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлиги ортиб, хорижий сармояларнинг киритилиши, иқтисодиётимиз тармоқларини модернизация қилиш, янги технологияларни жорий этиш, қўшма корхоналар тузиш турли даражадаги кадрларнинг касбий билим ва кўникмалари доирасини кенгайтиришни тақозо этмоқда.
Сўнгги уч йилда бу жараёнлар янада жадаллашди. Мамлакатимизда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ҳаётнинг барча жабҳаларида қатъият билан амалга оширилаётган ислоҳотлар юртимизнинг жаҳонга юз тутиши, дунё ҳамжамиятида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Меҳнат бозорининг глобаллашуви фуқароларимизнинг хорижда ишлаш имкониятини яратди. Бу каби омиллар Беҳбудий бобомиз таъбири билан айтганда, “бир тил эмас, тўрт тил керак”лигига — ёшларимиз ўз она тили билан бирга бир неча хорижий тилларни ҳам пухта ўрганишига зарурат туғдирмоқда.
Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, мамлакатимизни 2017 – 2021 йилларда янада ривожлантириш Стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, жаҳон ҳамжамияти ва иқтисодиёти билан глобаллашуви жараёнида ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасини ва замонавий технологияларини ўрганиш ва жорий қилиш борасида ҳозирги давр талаблари асосида бир нечта хорижий тилларни биладиган, назарий билим ва амалий кўникмага эга минглаб ёшларимиз ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётганлиги ҳар биримизда фахр туйғусини уйғотмоқда.
Шу билан бирга жадаллик билан амалга оширилаётган янгиланиш жараёнларида муомалага халқаро ва хорижий тиллардан кўплаб биз учун янги сўзлар кириб келаётир.
Бу ҳолат давлат тилимизни бойитиши билан бирга, унинг луғавий базаси кенгайишига ҳам сабаб бўлади, албатта. Шунингдек, ушбу жараёнлар ўз тилимизга эътиборни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.
Назаримда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни қайта таҳрир қилиш ва янги сўзларнинг қисқа ва аниқ луғавий маъносини ишлаб чиқилишига ҳар бир соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда ёндашмоқ лозим.
Масалан, қишлоқ хўжалиги терминологиясига оид сўзлар борасида ҳам шундай муаммолар мавжуд. Ҳозирда, соҳа ва унинг тармоқларига оид сўзларни ҳар ким билганича – кимдир русча, кимдир ўзича ўзбек тилига таржима қилган ҳолда ишлатаяпти. Фикримизча соҳа мутахассислари жалб қилинган ҳолда “Қишлоқ хўжалиги терминлари луғати” яратилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Зеро бундай луғатлар кўплаб тармоқларда бор.
Эътибор берсангиз, оммавий ахборот воситаларида, телевидение ва радиода, ижтимоий тармоқларда халқаро ва хорижий сўзлардан фойдаланиш даражаси ошиши билан бирга ўзбек адабий тилидан чекиниш, мамлакатимиз ҳудудларига хос лаҳжаларда, энг ачинарлиси, бир неча тилларни аралаштириб гапириш ҳолати ҳам тобора одат тусига кириб бораётир.
Оқибатда, ўзбек адабий тилига риоя этилиши фақат кекса авлод вакиллари бўлмиш адабиёт, санъат, маданият, матбуот, фан ва таълим ходимларигагина хос бўлиб қолаётганига, ёхуд расмий ҳужжатлар ва хабарлар эълон қилингандагина кузатилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Эндиликда, телеканалларда, айниқса, нодавлат телеканалларда бериб борилаётган турли хил “шоу” кўрсатувларнинг маънавий савиясини ошириш, уларда ўзбек адабий тилига эътиборни кучайтириш вақти келди. Буларнинг таг-замиридаги асосий мақсад қандайдир маҳсулот рекламасидагина бўлиб қолаётгани бадиий кенгашлар фаолиятини тубдан такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шунингдек, хорижий мультипликацион ва анимацион фильмларнинг ўзбек тилидаги таржимаси ва таҳририга етарли даражада эътибор бирилмаяпти. Бу ҳали мурғак қалб эгаларида она тили бўйича дастлабки сабоқларнинг олишида ўз таъсирини кўрсатмоқда. Кўргазмали ташвиқот баннерларидаги имловий хатолар ҳамда шакл ва мазмун номутаносиблигига жавоб берадиган аниқ бир орган йўқлиги эса реклама жабҳасида давлат тилига риоя этилиши борасидаги фаолиятни сусайтирмоқда.
Бугун ҳам Абдулла Қаҳҳорнинг “Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция хуштак чаладию, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким хуштак чалмайди?”, деган ҳикматли сўзлари қанчалик долзарб эканини кўриш мумкин. Шу жиҳатдан олганда Адлия вазирлиги томонидан умумҳалқ муҳокамасига киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий-жавобгарлик тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда Оммавий ахборот воситаларида, нашриётларда, кўргазмали ташвиқот воситаларида ҳам давлат тилига риоя этилмагани учун жавобгарлик чораларини белгилаш лозим деб ҳисоблайман.
Шунингдек, давлат тилининг мақомини ва нуфузини миллий даражада ошириш мақсадида қатъият ва изчиллик билан тизимли ишларни амалга оширишимиз зарур.
“Тараққий этган миллатларни оналари ўқитар экан, биз аввал оналаримизни ўқитиб, уларга тил ўргатмоғимиз керак, чунки бизнинг илм ва тилсизлигимиз улардандир”, деган эди Маҳмудхўжа Беҳбудий. Дарҳақиқат, она тилимиз ҳар биримизга бевосита онамизнинг сути ва меҳри орқали кириб, дастлабки сўз бойлигимиз оиладаги мулоқотлардан шаклланади.
Таълимнинг барча босқичларида она тили ва адабиёт фанларини ўқитиш соатларини кўпайтириш билан бирга ўқув услубиётини ҳозирги замон болаларига мос ҳолда ўзгартириш масаласини ҳам жиддий ўйлаб кўришимиз лозим. Ёзма ишлар, баён ва иншолар ёзиш каби машғулотларни қайта тиклаш, бунга ажратиладиган соатларни кўпайтириш лозим. Болалар ва ўсмирларда оғзаки ва ёзма нутқини ривожлантириш керак. Зеро, ёзма нутқ уларнинг саводхонлигини оширишга хизмат қилиш билан бирга ёшларимизни сабр-тоқатли бўлишга ҳам ундайди.
Чингиз Айтматовнинг таъбири билан айтганда, охирги йилларда “миллий нигилистлар” – ўз она тилини билмайдиган, бу тилда оғзаки ва ёзма фикрини баён қила олмайдиган кишилар сафи кенгайиб бораётгани ташвишли ҳолдир.
Яна бир фикр. Ўрта махсус ҳамда олий таълим муассасаларида таълим йўналишидан қатъий назар менежмент фанини ўқитиш, дарс соатларининг муайян қисмини идоравий иш юритиш бўйича махсус машғулотлар ўтилишини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Зероки, ёш мутахассисларнинг ушбу масалада малака ва кўникмаси етишмаслиги сабабли улар меҳнат фаолиятининг дастлабки босқичида баъзи қийинчиликларга дуч келмоқда. Чунки маъмурий иш юритиш – хатлар, идоравий ҳужжатларни тайёрлаш ҳам ўзига ҳос бир мактаб. Айтиш мумкинки, ҳар қандай хат ёки ҳужжатда ўша корхона ёхуд ташкилотнинг саводхонлиги, маънавий-маърифий юзи намоён бўлади.
Охирги 25–30 йилда шаклланган ходимларни ҳам давлат тилида замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда идоравий иш юритиш борасидаги билим ва малакасини ошириш талаб этилмоқда. Кўп ҳолларда имловий қоидаларга риоя этмаслик, сўзларнинг изоҳли маъносига эътибор бермаслик, гапдаги сўзлар ўрнини алмаштириб қўллаш ифода этилаётган фикрнинг моҳиятини ўзгартириб юбораётир. Оқибатда, “Вазирликнинг 4 та идоравий меъёрий ҳужжати” сўзларини “4 та вазирликнинг идоравий меъёрий ҳужжати” ёки “Лицензияси бўлмаган автотранспорт воситаларида йўловчилар ташиш қатъиян ман қилинади” сўзларини “Лицензияси бўлмаган йўловчиларни автотранспортда ташиш қатъиян ман қилинади” каби кўплаб ҳолатлар учраётгани одатий ҳол бўлиб қолмоқда.
Шу боис идоравий иш юритишда давлат тилини жорий қилиш билан бирга барча даражадаги ташкилот ва муассасаларда ходимларнинг ушбу масаладаги билим ва малакаларини ошириш лозим.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 23 мартда қабул қилинган, Сенат томонидан 24 март куни маъқулланган, Президентимиз томонидан 2020 йил 10 апрель куни имзоланган “Ўзбек тили кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга биноан 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. Тилимиз тўғрисидаги қонун қабул қилинган кунни байрам қилар эканмиз, уни эъзозлаш, бойитиш, ҳар хил кераксиз сўзлардан тозалаш, энг муҳими, улуғлаш ҳар бир фуқаронинг виждон иши бўлиши керак. Шунда биз ўз олдимизга қўйган вазифани, албатта, бажарамиз, тилимиз софлигини, мусаффолигини сақлаб қоламиз. Йўқса, аччиқ бўлса ҳам айтай: “Оролни қутқариш керак” деган яқин йилларгача ишлатилиб келинган умумий гаплар каби баҳри-уммон бўлмиш она тилимиз келажаги кўз ўнгимизда Орол денгизи тақдирига ўхшаб қолади.